Британияда яшайдиган ўзбекистонлик мустақил журналист Шоҳида Ëқуб Украина урушида Россия томонида жанг қилган ва асир тушган икки ўзбекистонлик билан суҳбатни YouTube каналига жойлади. Украиналик журналист Володимир Золкин иштирокида ёзиб олинган суҳбатда 1978 ва 1992 йилда туғилган ўзбек асирлар Россия мудофаа вазирлиги билан бир йилга шартнома тузишганини айтишади.
Уларнинг сўзларига кўра, эвазига мўмайгина пул ва рус паспорти ваъда қилинган.
Ўзини Абдумалик деб таништирган йигитнинг айтишича, у Россияда ҳуқуқбузарликда айбланиб ҳибсга олинган. Тергов изоляторида суд ҳукмини кутиб ўтирган пайтда унинг ëнига Яблочково ҳарбий комиссарлигидан ҳарбийлар келган. Улар суднинг икки йиллик қамоқ жазоси ва Ўзбекистонга депортация қарорини бекор қилдиришларини¸ эвазига у Россия мудофаа вазирлиги билан ҳарбий хизматга бориш тўғрисида шартнома имзолаши кераклигини айтишган.
"Бизни Ўзбекистонга қайтарманг!"
- Мен икки ой Қримда қонуний ишладим. Икки ой учун менга 86 минг рубл тўлашди. Кейин Украина ҳудудидаги Запорожьега жўнатишди. У ерда ҳеч нарса тўлашмади. 2024 йил декабр ойида урушга кирдим. Менга 450 минг ва 1 миллион 900 минг рубл берамиз деб ваъда беришди. Лекин беришмади. Паспорт ваъда қилишди. Ҳозир нимага қўл қўйганимизни билмайман тўғриси.
- Сизга рус паспортини берамиз, деб ваъда беришдими?
- Ҳа.
- У сизга керакми?
- Ҳа¸ керак. Россияда ишлаймизку. Улар ҳаммага пул¸ паспорт ваъда қилишади. Украинадаги урушда мен иккита ўзбекни учратдим. Уч йилдан бери урушда экан улар. Улар аллақачон ўлиб кетди. Уларга паспорт¸ пул берилган экан.
- Демак улар пул ва паспорт учун украиналикларни ўлдиришга боришди?
- Ҳа.
- Бундай истакда бўлганлар кўпми?
- Ўзбеклар кам. Биз 5 киши эдик. Биргина мен тирик қолдим. Қолганлари ўлиб кетди.
Абдумаликнинг айтишича¸ у Россиянинг 503-штурм бригадаси таркибида урушда қатнашган. Бригада Запорожье йўналиши бўйлаб ҳаракат қилган. Йигитлар Сахарово кўп функцияли миграция марказида ўтирган пайтда бир ой ичида 7000 нафар мигрант ушлаб келинган ва уларнинг катта қисми Украинадаги урушга ëлланган.
Асирга тушган ўзбеклар журналистлар билан суҳбатда Ўзбекистонда уларни кўп йиллик қамоқ кутаётганини айтиб, ўзларини Россияга қайтаришни сўрашган.
23 июль куни Истанбулда Украина ва Россия вакилларининг учинчи тўғридан-тўғри музокаралари режаланган.
Сўнгги етти ҳафтадаги биринчи тинчлик музокараларида асирлар алмашинуви ва ўт очишни тўхтатиш масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Музокаралар арафасида Украина президенти Владимир Зеленский "Украина ҳеч қачон урушни истамагани, бу урушни бошлаган Россия ва уни тугатиши ҳам керак бўлган томон — айнан Россия экани"ни таъкидлади.
"Ёрдам бераётган барча ҳамкорларимизга миннатдорлик билдираман. Бизнинг делегация таркибида зарур бўлган ҳар бир масалани ҳал қила оладиган инсонлар қатнашмоқда”, - деб айтган президент Зеленский.
Россиянинг Украинага тажовуз бошланганидан буён Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, мамлакат фуқароларини хорижий давлатдаги ҳарбий ҳаракатлардан қатнашишнинг ҳуқуқий оқибатларидан огоҳлантириб келади.
“Россия Федерацияси ҳудудида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларидан Россия ва Украина ўртасидаги зиддиятли ҳудудларга жалб қилиш ҳақидаги даъватларга эргашмасликни, зиддиятли ҳудудларга бормасликни ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликни сўраймиз”, дейилган Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги аввалроқ эълон қилган баёнотида.
Аммо Россия томонидан турли йўллар билан урушга жалб қилинаётган ўзбекистонликлар ҳақида тармоқларда тарқалаётган хабарлар борасида Ўзбекистон расмий идоралари бирор расмий маълумот бермаган.
Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154 прим 1-моддасида чет давлатларнинг ҳарбий хизмати, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга ёлланиш 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўзда тутилган.
Шу ой бошида Украинадаги урушга ёлланган яна икки ўзбекистонлик устидан суд ҳукми эълон қилинган.
Маҳаллий матбуотдаги хабарларга кўра, бухоролик 32 ёшли А.Р. Ромитон туман суди томонидан айбдор деб топилиб, беш йил қамоққа ҳукм қилинди. Тергов маълумотларига кўра, у 2018 йилда ишлаш учун Россияга кетиб, фуқаролик олган. 2024 йил май ойида жиноятда гумонланиб ҳибсга олинган ва СИЗОга жойлаштирилган. Июн ойида Россия Мудофаа Вазирлиги билан ҳарбий хизмат бўйича шартнома имзолаган.
У шартнома асосида Украинанинг Луганск вилоятига жўнатилган. 2024 йил 27 июлда яраланиб сентябрда ҳарбий хизматга лаёқатли эмаслиги аниқланган, кейин 3 миллион рубл олган ва Ўзбекистонга қайтган.
Андижонлик 41 ëшли Ш.К. Олтинкўл тумани суди томонидан уч йил ва бир ойга озодликдан маҳрум қилинди. Тергов маълумотларига кўра, у 2023 йилда иш излаб Ингушетиянинг Назран шаҳрига борган, сўнг Россия Мудофаа Вазирлиги билан шартнома имзолаган.
2024 йил апрель-декабрь ойларида ҳарбий ҳаракатларда қатнашган ва яна яраланиб, дам олиш вақтида Россияда шахсини тасдиқловчи ҳужжат йўқлиги сабаб ҳибсга олинган. Кейин Ўзбекистонга депортация қилинган.
Аввалроқ Украина ҳукуматининг “Яшашни хоҳлайман” лойиҳаси Россия Мудофаа Вазирлиги билан Украина урушида иштирок этиш учун шартнома имзолаган 1110 нафар Ўзбекистон фуқароси рўйхатини эълон қилган эди. Маълумотларга кўра, фронтда камида 109 нафар Ўзбекистон ватандоши ҳалок бўлган.
Ўзбекистон талофатлар сони бўйича иккинчи хорижий давлат. Бу ҳақда BBC, «Медиазона» ва ҳарбий йўқотишларни очиқ манбалар орқали ҳисоблаб борадиган кўнгиллилар гуруҳи тайёрлаган янги ҳисоботда айтилган.
Ҳисоботга кўра, Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан буён фронтда 118 139 нафар россиялик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган. Улар орасида 28 та давлатдан келган 523 нафар хорижлик ҳам бор — улар шартнома имзолаган пайтда Россия фуқароси бўлмаган.
Форум