Линклар

Шошилинч хабар
22 июл 2025, Тошкент вақти: 08:15

25 млн сўм маънавий зарар ва узр сўраш. Апелляция суди Анора Содиқова даъвосини қондирди


Журналист Анора Содиқова.
Журналист Анора Содиқова.

2025 йил 21 июль куни Тошкент шаҳар суди журналист Анора Содиқованинг блогер Мирсаид Ҳайдаровга нисбатан апелляция шикоятини қаноатлантирди. Суд аввалги инстанция қарорини бекор қилган.

"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташановнинг суд қароридан иқтибос келтиришича, "Муфаса" тахаллуси остида фаолият юритадиган блогер Мирсаид Ҳайдаровга Анора Содиқовага 25 миллион сўм маънавий зарар¸ 5 миллион сўм бошқа моддий зарарни қоплайдиган бўлди. Суд ундан шунингдек, Анора Содиқовадан узр сўраш ҳамда Facebookдаги ҳақоратли постларни ўчиришни талаб қилди.

Апелляция суди филолог ва ҳуқуқшунослар томонидан тайёрланган экспертиза хулосаларини инобатга олган. Хулосаларга кўра¸ блогер баёнотларининг “шафқатсиз ҳақорат ва туҳмат” экани тасдиғини топган.

Ëпиқ эшиклар ортида ўтган суд ишини кузатган инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов аппеляция маҳкамаси қарорини "адолатли" дея таърифлади.

- Бу судлов тарихида камдан-кам, айниқса¸ кейинги пайтларда кузатилаëтган адолатли қарорлардан биттаси. Ҳозир кўпчилик бу қарорни Саида Мирзиëеванинг янги адмнистрацияси келгани билан боғлашаяпти. Эҳтимол¸ бу қайсидир маънода тўғридир. Чунки Саида Мирзиëева сиëсий саҳнага келгандан бери кўп ҳолларда сўз эркинлигини таъминлаш¸ отаси томонидан илгари сурилаëтган сўз эркинлиги орқага қайтмайди¸ деган шиорни лозунг қилиб кўтариб келаëтган амалдорлардан биттаси.

Давлетов, Азизов ва Эшнаев. Дин ва матбуотга босим ортмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:27:41 0:00

2024 йилда блогер Мирсаид Ҳайдаров ўзининг Facebook саҳифасида Анора Содиқова ҳақида, унинг таъбирича, бир нечта ҳақорат ва туҳмат мазмунидаги постлар эълон қилган.

Анора Содиқова блогер Мирсаид Ҳайдаров устидан 2024 йил декабрида судга даъво аризаси топширган.

Анора Содиқова ўз аризасида Мирсаид Хайдаровни Facebook’даги 7 та постда ўзини ҳақорат қилган — жумладан, Содиқовага нисбатан "журнолажаб", "манипулятор", "фермачи" каби сўзлар ишлатилгани «туҳмат ва ўз шаънини камситиш характерида бўлган»ини ëзган.

Содиқова даъво аризасида шаъни, қадр-қиммати ва профессионал репутациясига етказилган зарар учун блогерни жавобгар деб топиш¸ маънавий зарарни қоплаш учун 500 миллион сўм талаб қилган.

2025 йил 28 май куни Шайхонтоҳур туманлараро фуқаролик суди Содиқованинг даъвосини рад этган ва ундан 750 минг сўм давлат божи ундириш ҳақида қарор чиқарган эди.

Суд мазкур постлар экспертиза хулосаларига қарамай, ҳақорат деб топилмаслигини айтган.

Содиқова бу қарор устидан апелляция аризаси билан Тошкент шаҳар судига мурожаат қилган.

21 июль кунги суд ҳукмига муносабат билдирган Анора Содиқова¸ уни “ҳақиқат учун курашаëтган журналистлар учун ютуқ” дея баҳолади.

-Бу ëлғиз менинг эмас¸ балки барча журналистларнинг ғалабаси¸ деб биламан. Чунки кўп журналистларимиз охирги вақтларда тушкунликка тушишган эди. Ҳукумат вакиллари¸ ҳокимиятга яқин одамлар бемалол бошқаларни ҳақорат қила олади. Улар устидан арз қилиб¸ бирор адолат топа олмайсиз¸ деган тушкунликка ушиб қолишганди. Бугун мени жуда кўпчилик табриклади. Бундан буëғига ҳам тўхтамаслик керак¸ орқага йўл йўқ¸ фақат олдинга қараб юриш керак. Яъни кимдир журналистларни ҳақорат қилдими¸ кимдир сўз эркинлигига дахл қилдими¸ қонун бўйича жавобгарликни талаб қилиш керак.

Блогер Мирсаид Ҳайдаров ўзи ва адокатига апелляция суди ҳақида хабар берилмаганини иддао қилди.
Блогер Мирсаид Ҳайдаров ўзи ва адокатига апелляция суди ҳақида хабар берилмаганини иддао қилди.

Мирсаид Ҳайдаровга Озодликка берган ёзма баёнотида 21 июль кунги суд мажлисидан на ўзи ва на адвокати бехабар қолганини иддао қилди.

- Суд мен ва адвокатимнинг иштирокисиз ўтди. Суд бўлиши ҳақида чақирув қоғози ҳам олмаганмиз. Администрацияга тегишли «аноним» канал орқали суддан хабар топдик. Адвокат суддан 21 санада сафарда бўлишини, шу сабабли, ушбу санадан олдин ёки кейин ўтказилиши бўйича илтимос қилган. Судья Сирожев эса айнан шу кунга тўғирлаган. Бу судья менга нотаниш эмас, беш йил аввал Мирзо Улуғбек туманлараро судида ишлаган, менга нисбатан заказ судларни кўрган ва адолатсиз қарорлар чиқарган. Ўша пайтда у билан тортишиб уришиб кетганман. Балки эски аламлари ичида қолиб кетгандир. Бу суд ўзи апелляция тартибида кўрилди, энди тафтишга беришимиз мумкин.

Аммо ҳуқуқ ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов Ҳайдаровнинг “суд бўлиши ҳақида чақирув қоғози ҳам олмаганмиз” деган иддаосини рад этувчи суд ҳужжатлари борлигини айтади.

-16 июль кунги суд мажлисида блогер Мирсаид Ҳайдаров ва унинг адвокатлари 21 июль кунги суд мажлисига келиш бўйича тилхатларга қўл қўйдирилган¸ огоҳлантирилган. Буни ўша жойда бўлган адвокатларнинг ҳаммаси кўрган¸ ҳаттоки¸ уларнинг нега бугунги суд мажлисида иштирок қилмагани ҳам изоҳланди. Кўп ҳолларда суд натижаси ўз фойдасига чиқмаслигини билишгани учун келишмайди ва кейин мен судда қатнашмаган эдим¸ деган баҳона кейинги инстанцияларда қўл келади. Шунинг учун Ҳайдаров ва адвокатининг бугунги судда қатнашмагани процессуал қоидабузарлик эмас. Улар суд бўлиши ҳақида олдиндан огоҳлантирилган ва ўйлашимча суд процессуал қоидаларга мос ўтказилди.

Олдинров Human Rights Watch ташкилоти Ўзбекистондаги сўз эркинлиги вазиятидан яна бир бор хавотир изҳор қилган эди.

Ўзбекистонда бир неча блогер «президентни интернетда ҳақорат қилганлик» айби билан таъқибга учраганини айтган ташкилот, Мирзиёев ҳукуматини мустақил ҳуқуқ фаолларига қарши сохта жиноят ишларини қўзғатишда айблаган.

Жорий йил апрелида Самарқандда ўтган биринчи Марказий Осиё-Европа Иттифоқи саммити доирасида имзоланган Қўшма декларацияда томонларнинг инсон ҳуқуқлари ва фундаментал эркинликларга содиқлиги таъкидланди. Декларациянинг 16-бандида минтақа раҳбарлари ва Евроиттифоқ қонун устуворлиги, мустақил матбуот ва фуқаролик жамиятини дастаклаш ҳамда ҳимоялашнинг муҳимлиги борасида якдил эканликлари айтилади.

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач ўзбекистонликларга кўпроқ сўз эркинлигини ваъда қилди. Маҳаллий матбуот жонланди, ижтимоий муаммолар муҳокамага олиб чиқилди. Ўзбекистон халқаро матбуот эркинлиги рейтингида бир неча поғона юқорилади. Аммо орадан кўп ўтмай, блогер, журналист ва тармоқ фаолларига нисбатан босимлар кучайди. Президентни ҳақорат қилгани учун 10 дан ортиқ одам қамоққа ташланди. Каримов давридаги каби қўрқув муҳити қайтди.

Озодлик OzodSo’z лойиҳаси орқали Мирзиёев президентлиги даврида ҳибсга олинган, қамоққа ташланган ва босимга учраган 100 дан ортиқ журналист, блогер ва фаолларнинг ишини ҳужжатлаштирган.

Форум

XS
SM
MD
LG