Линклар

Шошилинч хабар
22 июл 2025, Тошкент вақти: 20:28

«Қизлар дипломатияси». Отасига ҳамроҳлик қилаётган Ўғулжаҳон ва минтақанинг биринчи оилалари


Саида Мирзиёева ва Ўғулжаҳон Атабаева. Арқадағ шаҳри, Туркманистон. 29 март, 2025 йил.
Саида Мирзиёева ва Ўғулжаҳон Атабаева. Арқадағ шаҳри, Туркманистон. 29 март, 2025 йил.

Яқинда Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг қизи Ўғулжаҳон Атабаева отаси билан бирга Озарбайжонга ташриф буюрди. Боку шаҳрида уларни президент Илҳом Алиев ва унинг қизи Лейла Алиева кутиб олди. Атабаева — амалдаги президент Сердар Бердимуҳамедовнинг синглиси ва собиқ президентнинг қизи — сўнгги пайтларда Туркманистон сиёсий ҳаётида тобора кўпроқ эътиборни жалб қилмоқда.

Туркманистонда “Арқадағ” (яъни «ҳомий») унвонига эга бўлган Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов 16 июль куни Бокуда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан учрашди.

Туркманистон давлат ОАВлари бу ташрифни «икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичга чиқиши» деб таърифлади ва сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий ҳамда парламентлараро алоқаларни ривожлантиришга қизиқиш билдирилганини таъкидлади.

Бу сафарнинг эътиборли жиҳатлардан бири Бердимуҳамедовга қизи Ўғулжаҳон Атабаева ҳамроҳлик қилгани бўлди. Бундан ташқари, у ҳам айрим учрашувлар ўтказди — масалан, Озарбайжон етакчисининг қизи Лейла Алиева билан.

“Давлатлараро ҳамкорликнинг янги формати”

Марказий Осиёни кўп йиллардан бери ўрганиб келаётган “Турон” тадқиқот институтининг катта таҳлилчиси Брюс Панниер бу жараённи янги минтақавий тенденция сифатида баҳолайди.

«Қизлар дипломатиясини кузатиш жуда қизиқ. Яқинда Ўғулжаҳон Атабаева Ўзбекистонда Саида Мирзиёева билан учрашди, энди эса Озарбайжонда Алиевнинг қизи Лейла билан.

Бу уни Туркманистон сиёсий тизимида фаол иштирок этишга тайёрланаётганидан далолат беради.

Сўнгги пайтларда унинг оммавий чиқишлари ҳатто укаси — президентдан ҳам кўпроқ кўзга ташланмоқда. Бу — яқинда бўлиши мумкин бўлган ўзгаришлардан дарак.

Саида Мирзиёева Ўзбекистон сиёсий ҳаётида аллақачон муҳим роль ўйнамоқда, Лейла Алиева ҳам яхши танилган. Бундай учрашувлар тасодиф эмас, балки аёлларнинг дипломатиядаги иштирокига асосланган янги давлатлараро ҳамкорлик формати», — дейди Панниер.

Лейла Алиева ҳам отаси Илҳом Алиевнинг халқаро сафарида доимий ҳамроҳи саналади — ўтган йил август ойида улар бирга Тошкентга ташриф буюришган. Лейла мамлакат ичидаги расмий ташрифларда ҳам фаол иштирок этади, муассасалар ва корхоналарга бориб туради.

Ўғулжаҳон Атабаева. Сурат Туркманистон давлат оммавий ахборот воситаларига тегишли.
Ўғулжаҳон Атабаева. Сурат Туркманистон давлат оммавий ахборот воситаларига тегишли.

Ўғулжаҳон Атабаева ҳақида яқингача деярли ҳеч қандай маълумот мавжуд эмас эди. Унинг Европадаги элчихоналардан бирида фаолият юритган дипломатга турмушга чиққанлиги ҳақида хабарлар тарқалган, холос.

Унинг исми туркман матбуотида илк бор ўтган йил декабрида тилга олинди — ўшанда у отаси номи билан аталган жамғарманинг вице-президенти этиб тайинлангани ва “Арқадағ” медали билан тақдирлангани ҳақида хабар қилинган.

Жорий йил мартидан бошлаб Ўғулжаҳоннинг фаоллиги кескин ошди. Ўшандан буён у халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашмоқда, мамлакат вилоятларига доимий сафарлар уюштирмоқда. У ерларда уни отаси ёки укаси — амалдаги президент сингари тантанали тарзда кутиб олишмоқда.

Оммавий ахборот воситаларида фаол кўрина бошлаган илк ойларида Атабаева «Аль-Арабия» телеканалига интервью ҳам берди.

15 йил давомида Туркманистонни бошқарган Гурбангули Бердимуҳамедов, ҳокимиятни 2022 йили 44 ёшли ўғли Сердар Бердимуҳамедовга топширган бўлса-да, ҳали ҳам мамлакат сиёсий ҳаётида катта таъсирга эга шахс сифатида қолмоқда.

Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва унинг рафиқаси — амалдаги президент Сердар Бердимуҳамедовнинг онаси — Ўғулгерек Бердимуҳамедова.
Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва унинг рафиқаси — амалдаги президент Сердар Бердимуҳамедовнинг онаси — Ўғулгерек Бердимуҳамедова.

Атабаева, эҳтимол, амалдаги президент Сердар Бердимуҳамедовдан каттароқ. (Бердимуҳамедовнинг бошқа фарзандлари ҳақида деярли маълумот йўқ. Турли манбаларга кўра, унинг бир ўғли ва икки қизи бор.)

Гурбангули Бердимуҳамедовнинг қизи билан бирга омма олдида кўп кўрина бошлаши, уни ҳам сиёсатга жалб қилиш ва оилавий таъсирни мустаҳкамлаш истагини кўрсатмоқда, деган тахминларни пайдо қилди.

Брюс Панниер Атабаеванинг сиёсий позицияси яқин келажакда мустаҳкамланиши мумкинлигини таъкидлайди:

«Бир нечта эҳтимолий сценарий мавжуд. Масалан, у парламент спикери лавозимини эгаллаши мумкин. Бу мантиқий туюлади — Бердимуҳамедов ҳокимиятга келганидан кейин парламент раҳбарлиги кўпинча аёлларга топширилган. Шу сабабли, унинг бундай вазифага қизиқиши табиий туюлади.»

Аммо Брюс Панниернинг фикрича, янада қизиқ савол — нега айнан ҳозир Атабаева соядадан чиқиб, Туркманистон сиёсий ҳаётида фаол роль ўйнай бошлади?

«Ҳозир мамлакатни Сердар бошқаряпти. У ҳолда нега Ўғулжаҳон керак бўлиб қолди? Балки бу оила ичидаги динамика билан боғлиқ. Марказий Осиёда оила — сиёсатда ҳал қилувчи роль ўйнайди.

Сердар ҳокимиятга келгач, онасининг позицияси мустаҳкамланди — у жамоатчиликка кўрина бошлади ва “Туркманистоннинг ҳурматли гиламдўзи” унвонига сазовор бўлди.

Шу билан бирга, Гурбангули Бердимуҳамедовнинг опа-сингиллари ва жиянлари таъсири чекланган бўлиб қолаверди. Бу шундан далолат берадики, Ўғулжаҳон Сердарга эмас, балки отасига боғлиқ сиёсий йўналишнинг бир қисми сифатида илгари сурилмоқда.»

Марказий Осиёда президент фарзандларининг сиёсатда иштирок этиши кенг тарқалган кўриниш. Тожикистонда президент Эмомали Раҳмоннинг ўғли Рустам Эмомали парламентга раҳбарлик қилади. Ўзбекистонда эса Саида Мирзиёева аввал отасининг ёрдамчиси бўлган, 2024 йил июнида эса у Администрация раҳбари этиб тайинланди.

XS
SM
MD
LG